Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида шахмат бўйича «Tata Steel Chess India» турнири якунланди.

Олтинчи бор ўтказилган нуфузли мусобақанинг рапид баҳсларида 4-ўринни эгаллаган Нодирбек Абдусатторов блиц мусобақасида 8 очко билан 7-ўринни эгаллади.

Мукофот жамғармаси 41 минг 500 АҚШ долларидан иборат турнирнинг блиц баҳсларида жаҳон рейтинги пешқадами Магнус Карлсен муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди.

Рапид баҳсларида ҳам чемпионликка эришган Карлсен блицда 18 имкониятдан 13 очко тўплаб, ғолибга айланди.

Айтиш лозимки, блиц мусобақаларининг сўнгги 16-турида Магнус билан куч синашган Абдусатторов дурангга эришди.

«Tata Steel Chess India» турнирининг блиц мусобақасида америкалик Уэсли Со 11,5 очко билан 2-ўринни, ҳиндистонлик Аржун Эрагиси 10,5 очко билан 3-ўриндан жой олди.

Мусобақа якунида Магнус Карлсен ғолиб сифатида 7 минг 500 АҚШ доллари билан тақдирланган бўлса, Нодирбек Абдусатторов 7-ўрин учун белгиланган 250 АҚШ долларига эга чиқди.

Блиц баҳсларининг сўнгги кунида ҳамюртимиз ҳиндистонлик Прагнанандха, Нараянан ва Видит Гужратҳини мағлуб этди.

Т.Рўзиев, ЎзА