Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги босқичи сўнгги кунида жамоавий баҳслар бўлиб ўтди.
Дастлаб, қизлар орасида ташкил этилган жамоавий беллашувларда Аякоз Жумамуратова, Гулистон Пердибаева, Самира Шакирова, Тўлқинай Бекбаулиэва каби қиличбозлардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси Болгария, Венгрия, Ҳонгконг, Хитой, Қозоғистон, Руминия, Туркия, Польша термалари билан баҳслашди.
Қувонарлиси, қизлар терма жамоаси финалда Болгария термасини 45:31 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон кубоги ғолибига айланди.
Йигитлар ўртасида Исломбек Абдазов, Сардор Абдукаримбеков, Зуҳриддин Қодиров, Алпамис Уракбаевдан иборат терма жамоамиз сўнгги ҳал қилувчи финал босқичида Қозоғистон терма жамоасини 45:35 ҳисобида мағлуб этди ва олтин медални қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон кубоги босқичининг яккалик баҳсларида миллий терма жамоамиз аъзоси Эррера Лара Луиса Фернанда қизлар ўртасида олтин медални қўлга киритган бўлса, йигитлар орасида Исламбек Абдазов олтин, Зуҳриддин Қодиров эса кумуш медалга сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА