Кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида давлатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан бокс бўйича очиқ биринчилик мусобақалари бошланди.
Мусобақанинг очилиш маросимида мутасаддилар давлат рамзлари орасида байроқнинг алоҳида ўрни борлиги хусусида тўхталиб, халқаро майдонда ғолиб спортчиларимиз шарафига юксалаётган ҳур байроғимиз фахр-ифтихор туйғусини бахш этишини таъкидлашди.
Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, терма жамоа катта мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов биринчилик иштирокчилари, уларнинг мураббийлари билан мулоқот ўтказиб, давлат рамзларининг халқаро спорт мусобақаларида тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўз навбатида биринчилик иштирокчиларига омад тилади. Келгусида чемпион бўлиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришларига тилакдошлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирда ёш боксчилар 13 та вазнда жанг олиб бормоқда. Мусобақада 100 нафарга яқин боксчилар иштирок этмоқда. Биринчилик 18 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА