«Tata Steel Chess India» турнири рапид баҳсларининг 6 та тури ортда қолган вазиятда собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен 5 очко билан пешқадамга айланган бўлса, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 4,5 очко билан 2-ўринда бормоқда.

Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида ўтаётган мазкур нуфузли мусобақанинг кеча ўтган 4, 5 ва 6-тур ўйинларида ҳамюртимиз ҳиндистонлик шахматчилар билан куч синашди.

Нодирбек 4-турда қора доналарда Ниҳал Сарин ва 5-турда оқ доналарда Видит Гужрати билан дурангга эришди. 6-турда эса қора доналарда ҳаракатланишига қарамасдан Сунилдат Нараянанни мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Магнус Карлсен эса кечаги баҳсларда тажрибали гроссмейстерлар Сунилдат Нараянан, америкалик Уэсли Со ва ҳиндистонлик Арджун Эригаисини мағлуб этди ва пешқадамга айланиб олди.

Бугун, 15 ноябрь куни турнирнинг 7, 8 ва 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Нодирбек Абдусатторов мукофот жамғармаси 41 минг 500 АҚШ долларидан иборат турнирнинг 7-турида америкалик Уэсли Со, 8-турда ФИДЕ рейтингида 4-ўринда бораётган Аржун Эргаисига ва ниҳоят ҳал қилувчи 9-турда Магнус Карлсен билан рўбарў келади. Магнус Карлсен эса 7-турда германиялик Винсент Каймер, 8-турда ФИДЕ байроғи остида мусобақада иштирок этаётган россиялик Данил Дубов билан баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, «Tata Steel Chess India» турнирининг рапид йўналишида ғолибликка эришган шахматчи 10 минг, 2-ўрин соҳиби 6 минг, 3-ўрин 3 минг, 4-ўрин 2 минг, 5-ўрин 1 минг 500, 6-ўрин 1 минг ва 7-ўриндан жой олган иштирокчи 500 АҚШ долларига эга чиқади.

Т.Рўзиев, ЎзА