АҚШда ўтган йил Пентагон тарихидаги энг муҳим махфий ҳужжатлардан бирини ошкор қилган Миллий гвардия собиқ ходими Жек Тейшейра 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.22 ёшли Жек март ойида миллий мудофаа маълумотини ўзида сақлагани ва узатганини тан олди.
Массачусетс штатидаги Миллий ҳаво гвардияси 102-разведка қанотида ишлаганда, махфий материаллар, жумладан харита, сунъий йўлдош тасвири ва АҚШ иттифоқчилари ҳақидаги разведка маълумотини кўриш ҳуқуқига эга бўлганда у муайян ҳужжатларни «Discord» онлайн платформасига жойлаштирган.
Ёпиқ гуруҳ аъзолари билан баҳам кўрилган ҳужжатлар орасида Украина уруши ҳақидаги махфий маълумотлар ҳам бор эди.
Прокурорлар айбдорни 16,5 йил озодликдан маҳрум этишни сўради. Адвокатлар эса бу муддатни 11 йилга туширишни талаб қилишган ва бунга суд ҳужжатларида келтирилганидек, у мактабда ва кейинроқ ҳарбий хизмат чоғида ҳақоратланганини асос сифатида кўрсатишган.
Прокурорлар судланувчи мамлакат тарихида жосуслик тўғрисидаги қонуннинг энг муҳим ва жиддий бандларини бузган, дея узоқроқ жазо муддати белгилашди.
«Тейшейра ўз мамлакати учун хавфни тушунган ва лекин, барибир, бу ишни қилди», деган айбловчилар судда.
«Судланувчи узр сўраб, барча масъулият ва оқибат фақат ўзининг зиммасида эканини айтди», деб ёзди Бостон суд залидан журналистлар.
Ҳибсга олинганда 21 ёш бўлган Жек «Discord» платформасида кичик ёпиқ гуруҳни бошқарган ва шу манба орқали 2022 йил охирида махфий файлларни жойлаштира бошлаган. Кейинчалик маълумотлар интернетда тарқалиб кетди.
Тейшейра 2019 йил Массачусетс миллий гвардияси хизматига қабул қилинган. Лавозимига кўра, у ўта махфий имкониятларга эга эди.