Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, прокуратура ва Ички ишлар бўлимлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва қалбаки далолатнома тузиб бериш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Нукус шаҳрида фаолият юритувчи “P.F.” масъулияти чекланган жамият масъул шахслари мактабгача таълим ташкилотида давлат стандартларига жавоб бермайдиган яроқсиз газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиб, 200 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди. Департаментнинг Тўрткўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса туман электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Т.И. якка тартибдаги тадбиркор Н.Т.нинг савдо дўконига янги электр ҳисоблагич ускунасини ўрнатиб, ҳисоблагич ўрнатилганлиги тўғрисида қалбаки далолатнома тузиб, жами 69 миллион сўмлик электр энергиясидан қонунга хилоф равишда фойдаланишга шароит яратиб берган.
Департаментнинг Қораўзак тумани бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда “R.s.” ва “В.М.” масъулияти чекланган жамиятлар масъул шахслари электр сув насосларини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 70 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири