Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг эркин йўналишида мамлакатимиз спортчилари умумжамоада 1-ўринни эгаллади. 30 дан ортиқ давлатнинг маҳоратли курашчилари иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг илк кунида белбоғли курашнинг эркин йўналишида иштирок этган Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Юртимиз белбоғли курашчиларидан Жамолиддин Неъматуллаев, Фарангиз Абдунабиева, Манзураой Мўйдинова, Дилафрўз Мамажонова олтин, Ойбек Султонов ва Жаҳонгир Ҳайитов кумуш, Нусрат Султонбоев ва Лаззат Тўлаберганова бронза медалларига эга чиқиши натижасида терма жамоамиз умумжамоада 1-ўриндан жой эгаллади.
Бугун, 12 ноябрь мусобақанинг иккинчи кунида катталар ўртасида белбоғли курашнинг классик йўналишида 8 та медаллар жамланмаси учун беллашувлар бўлиб ўтади. Чемпионат низомига мувофиқ, эртага ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақалар бошланади. Жаҳон чемпионати 16 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА