Бирлашган Араб Амирликларида 2024 йил 6 декабрдан 2025 йил 12 январгача давом этадиган қишки савдо фестивали – “Dubai Shopping Festival” бошланишини дунёда кўпчилик интиқлик билан кутяпти. Анжуманнинг асосий ташкилотчиси Дубай фестиваллари ва чакана савдо бошқармаси (DFRE) ҳисобланади. Бу ҳақда шаҳар Иқтисодиёт ва туризм департаменти маълум қилди.

Меҳмонлар қизиқарли воқеалар, унутилмас таассуротларга бой 38 кунлик сермазмун дастурдан баҳраманд бўлади. Иштирокчиларга мингдан зиёд чегирма тақдим этилади. Шунингдек, тадбир халқаро ва маҳаллий брендлар намойиши, қизиқарли мавзуларга оид парклар бўйлаб саёҳат, очиқ ҳавода сайр қилиш ва қимматбаҳо совринлар ютиб олиш учун ноёб имкониятдир.

Илк бор 1996 йил ўтказилган “Dubai Shopping Festival” амирликни замонавий глобал шаҳарга айлантиришга қаратилган улуғвор ғоя рамзига айланди. Бу воқеа шаҳар тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Бугунги кунда мазкур анжуман дунёдаги энг узоқ давом этадиган харид фестивали сифатида тан олинган.

Г.Сатторова,

ЎзА