Пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” спорт мажмуасида Аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича жаҳон чемпионати қизиқарли баҳслар остида ўтмоқда.

Мазкур чемпионатда дунёнинг 67 та мамлакатидан 550 нафардан ортиқ спортчи 40 та вазн тоифасида баҳслашмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу мусобақа вакилларимиз учун муваффақиятли давом этмоқда.

Жумладан, кечаги баҳсларда вазни +97 кг. бўлган ҳамюртимиз Аҳлиддинхон Хўжаев 1-раундда италиялик рақиби Роберто Келимерини енгиб, чорак финалга йўл олди. 88,4 кг. вазндаги Асилбек Муҳаммаджонов эса норвегиялик Вебёрн Аурнет устидан ғалаба қозониб, ўз ёш ва вазн тоифасида 1/4 финалга чиқди. Вазни тоиаси 56,7 кг. бўлган спортчилар орасида ҳамюртимиз Фирдавс Ҳайитматов италиялик Диего Жианжироламини илк раунддаёқ таслим этди ва 1/8 финал босқичидан муваффақиятли ўтди.

Шунингдек, ўз ёш ва вазн тоифаларида Зафар Рашидов, Олмос Ортиқов, Жамшид Тиллаев, Зафаржон Асатов жангга чиқиб, зафар қучди.

Жаҳон чемпионатининг шиддатли баҳслари ўтаётган бир вақтда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда қўмита раиси ўринбосари Шерзод Тошматов “Ҳумо арена”га ташриф буюриб, жараён билан яқиндан танишди.

Мутасаддилар шу ернинг ўзида Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси (IMMAF) президенти Керрит Браун билан учрашди. Мартабали меҳмон барча ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилгани, делегациялар ўзларини яхши, бардам  ҳис қилаётгани ҳақида гапириб ўтди. Ўз навбатида, МОҚ раҳбарияти бунда давлатимизнинг қўллаб-қувватлашини алоҳида эътироф этди.

Эслатиб ўтамиз, ММА бўйича ўтаётган жаҳон чемпионатида 7-8 ноябрь кунлари нимчорак, чорак ва ярим финал жанглари бўлиб ўтади. 9 ноябрь куни тантанали очилиш маросими ва соат 16:30 дан бошлаб катталар ўртасида финал баҳслари ташкил этилади. 10 ноябрь соат 16:30 да ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлари сараланади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА