Миллий Олимпия қўмитасида “Допингга қарши кураш: эришилган натижалар, ахлоқий, ҳуқуқий ва тиббий жиҳатлар” мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Содиқов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Камол Сирожиддинов шунингдек, халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистонда илк бор ўтган халқаро конференцияда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) президенти Витольд Баньканинг иштирокчиларга йўллаган видеомурожаати тингланди. WADA раҳбари юртимизда нафақат спорт, балки антидопинг соҳасига ҳам ҳукумат даражасида эътибор берилаётгани натижасида Ўзбекистон антидопинг соҳасида ривожланган давлатларнинг 1-гуруҳидан жой олганини таъкидлаб, конференция ишига омад тилади.
Тадбир давомида Жанубий Корея, Литва, Польша, Туркия, Қозоғистондан таклиф этилган экспертлар ва маҳаллий мутахассислар допингга қарши курашни ҳуқуқий тартибга солиш, миллий антидопинг қоидаларини ишлаб чиқиш, соҳага оид ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштириш шунингдек, спортда тақиқланган моддалардан терапевтик истисно тарзида фойдаланиш масалалари юзасидан тематик тақдимотлар ўтказди. Муҳокамаларда иштирок этган мутахассис ва мутасаддилар ўзбекистонлик спортчиларнинг жаҳон ареналарида катта натижаларга эришаётгани ва бу каби тадбирлар уларнинг билим ва кўникмаларини янада ошириши, мамлакатимизда антидопинг фаолиятининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, допингга қарши курашишда истиқболли лойиҳаларни жорий этиш хусусида қимматли фикр-мулоҳазалар билдирди.
Т.Рўзиев, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА