Кўргазмали семинар
Тўрткўл тумани “Тозабоғёп” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қўшназар пахтакор” фермер хўжалиги дала майдонида кузги шудгорлаш мавзуси олдидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда масъуллар, туман сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги соҳасига алоқадор ташкилот ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинарда кузги бошоқли донларни биомаҳсулотлар билан озиқлантириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали кўчатлар экиш, кузги шудгорлаш ишларини ўз вақтида якунлаш ва шўр ювиш ишлари бўйича соҳа масъулларига топшириқлар берилди.
Аҳоли ичимлик суви билан таъминланади
Беруний туманида Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бу ишлар Беруний туманида “MESMER-EAST” Ўзбекистон ва Эрон компанияси томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида Беруний туман сув таъминоти корхонаси маъмурий биносини реконструкция қилиш, сув резервуарини, 3 та сув тақсимлаш, 1 та сув йиғиш 2 та сув хлорлаш иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш, магистраль сув тармоғини тортиш ишлари кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2026 йилда туман аҳолисининг 80 фоизи ичимлик суви билан таъминланади.
Хотин-қизларнинг фаоллиги ошмоқда
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Элликқалъа тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан ишсиз хотин-қизларни бандлигини таъминлаш мақсадида “Қилчиноқ” овул фуқаролар йиғинида 21 нафар хотин-қизга субсидия асосида инкубатор, 15 та товуқ, 176 дона тухум, бир ойлик озуқа еми, дон ва сув идишлари тарқатилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова иштирок этди ва оилаларга қўшимча даромад топишларида яхши тилаклар билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.