Молдова Президенти сайловининг иккинчи босқичи баённомаларининг 99,86 фоизи қайта ишлангач, Майя Санду социалист номзод Aлександру Стояноглони мағлуб этиб, яна бир муддатга сайлангани маълум бўлди.
Ғолиб учун сайлов ҳуқуқига эга 930 512, яъни умумий миқдорга нисбатан 55,41 фоиз фуқаро овоз берди. Рақиб эса 748 781 ёки 44,49 фоиз овоз тўплади.
Европа давлатлари етакчилари қайта сайланган Сандуга табрик йўллади, деб ёзган “Молдпрес”.
Европарламент президенти Роберта Мецола кўҳна қитъа Молдовани қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган.
Франция етакчиси Эммануэль Макрон “ҳар қандай аралашув ва усуллар қаршисида демократия ғалаба қозонгани”ни таъкидлади.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Лейен қуйидаги мазмунда табрик йўллаган:
– Ушбу сайловда дуч келинган қийинчиликларни енгиш учун катта куч талаб этилди. Молдова халқи Европа келажаги йўлида биз билан ҳамкорликни давом эттиришдан хурсандман.
Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц таъкидлаганидек, “Майя Санду Молдова Республикасини қийин пайтда муваффақиятли бошқариб, мамлакатни Европа томонга йўналтирмоқда”.
Расмий Бухарест ҳам Сандунинг муваффақиятини олқишлади.
– Молдова фуқаролари демократияни ҳимоя қилиш ва ЕИга аъзолик йўлини таъминлашга нисбатан хоҳиш-иродани яққол исботлади, деди – Президент Клаус Йоханнис Майя Сандуни “тарихий ғалаба” билан табрикларкан. – Руминия халқи Молдова Республикаси фуқаролари билан бирга мамлакат тақдирини Европа оиласида ортга қайтмас тарзда мустаҳкамлайдиган ушбу муваффақиятдан хурсанд.