Жорий йилнинг 5-10 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” спорт мажмуасида Аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Бугун, 4 ноябрь куни “Ҳумо арена” спорт мажмуасида мазкур чемпионатга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон спорт вазири ўринбосари Шахрилло Маҳмудов, Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) раиси Керрит Браун, IMMAF ижрочи директори Дензин Уайт ва бошқалар иштирок этди.
Анжуманда Ш.Маҳмудов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда Аралаш жанг санъатларига қаратилаётган эътибор самарасида мазкур йўналиш бўйича иқтидорли спортчилар камол топаётгани ва нуфузли мусобақаларда иштирок этаётганини таъкидлади.
Шунингдек, 5-10 ноябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига Ўзбекистон спорт вазирлиги, мамлакатимиз Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси ва қатор ташкилотлар томонидан муносиб тайёргарлик кўрилгани қайд этилди.
Аралаш жанг санъатлари спорт тури бўйича ташкил этиладиган мазкур дунё биринчилигида 18-21 ёш ва 21 ёшдан катта спортчилар ўртасида баҳслар ўтказилади. Унда дунёнинг 67 та мамлакатидан 550 нафардан ортиқ спортчи 40 та вазн тоифаси бўйича чемпионлик учун куч синашади.
Жаҳон чемпионати регламентига кўра, 5-8 ноябрь кунлари саралаш, чорак ва ярим финал жанглари бўлиб ўтади. 9 ноябрь куни соат 16:30 да катталар ўртасида финал бахслари ташкил этилса, 10 ноябрь соат 16:30 да ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлари сараланади.
– Умуман олганда Ўзбекистонда бир неча бор ММА бўйича нуфузли мусобақалар ташкил этилган ва улар, албатта, юқори савияда ўтказилган, – дейди Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) раиси Керрит Браун. – Бу галги жаҳон чемпионатига ҳам катта қизиқиш билдирилмоқда. Ушбу мусобақада истеъдодли ёшлар янада сараланишига ишончим комил. Ўзбекистонда спорт соҳаси жадал ривожланган.
Матбуот анжумани сўнгида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА