АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида ўтказилган профессионал бокс турнирида ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев навбатдаги жангида рингга кўтарилди.
Бокс кечасининг co main-event жангида иккинчи ўрта вазн тоифасида ўтган баҳсда Бектемир Мелиқўзиев америкалик Девид Стивенсга қарши чемпионлик камари учун саралаш жангини ўтказди.
Ўн икки раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди. Шиддатли кечган жангда ҳамюртимиз Мелиқўзиев ҳакамларнинг қарори билан очколар ҳисобида ғалабага эришди. Ушбу муваффақият Бектемирни иккинчи ўрта вазн тоифасида WBA чемпионлик камари учун расмий ва мажбурий даъвогарга айлантирди.
Айтиш лозим, жангдан олдин ҳар иккала боксчи ҳисобида 14 тадан ғалаба ва 1 та мағлубият бор эди. Бектемирнинг бугунги ғалабаси эса унинг фаолиятидаги 15-ғалаба, Стивенс фаолиятида эса иккинчи мағлубият сифатида қайд этилди.
Т. Рўзиев, ЎзА