2004 йилдан бери Пекин университети, Пекин мэрияси ва Чей илғор тадқиқотлар институти томонидан Пекин форуми ўтказиб келинади. Унда инсониятнинг умумий фаровонлиги йўлида цивилизациялар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинади.
1-3 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикаси пойтахтида навбатдаги – 21-Пекин форуми бўлиб ўтди. Бу галги анъанавий халқаро анжуман “Цивилизациялар уйғунлиги ва барча учун фаровонлик: инновациялар ва инсон тараққиёти даври” мавзусига бағишланди, дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази маълумотида.
Очилиш маросимида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Женг Жианбанг, Италия собиқ Бош вазири Романо Проди, Покистоннинг собиқ Бош вазири Шаҳид Ҳоқон Аббосий, академик Гонг Кихуанг, Нобель мукофоти совриндори, Пекин университети президенти, профессор Жерар Алберт Муру сўзга чиқди.
Ялпи ва 13 та шўба йиғилишларида барқарор ривожланиш ва атроф-муҳит гигиенаси, Хитойнинг глобал иқтисодий трансформацияси ва инновацион ривожланиши, сунъий интеллект даврида рақамлаштириш, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ билан ҳамкорлиги, барқарор энергетика тизимларини қуриш, Глобал цивилизация ташаббуси истиқболлари, жаҳон соғлиқни сақлаш тизими ва инновациялар даврида гендер тенглик каби масалалар муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ўтган 20 йил давомида Пекин форумларида 80 дан ортиқ давлатдан 7 мингдан зиёд таниқли арбоб ва олимлар иштирок этган.
Бу галги Пекин форумида дунёнинг 30 мамлакатидан 500 дан ортиқ олим ва эксперт, сиёсий доиралар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Форум ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ҳам қатнашди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА