Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли трансформация маркази ҳамкорлигида ҳудудлараро инвестициялар форуми ва ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад, ишлаб чиқарувчилар ва давлат буюртмачилари ўртасида саноат кооперация алоқаларини ошириш, йирик корхоналарнинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасидаги узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйишдан иборат.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қулай инвестиция шароитларини яратиш, саноат тузилмасини диверсификация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларига айланди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш мақсадида мунтазам равишда саноат ярмаркалари ўтказиб келинмоқда.
Ҳудудий саноат ярмаркасида Қорақалпоғистон Республикасидан, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 550 та корхона ўзларининг 441 та маҳсулот намунаси, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари, истиқболли лойиҳалари билан иштирок этди. Тадбир доирасида “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятлари, “Ўзсаноатқурилиш материаллари” уюшмаси ва Рақамли трансформация маркази томонидан 4 та мавзули тақдимот ҳам ўтказилди.
Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хомашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш юзасидан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Тадбир якунида фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА.