Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Бу ҳудуд ривожланган индустрияси билан мамлакатимиз иқтисодиётида катта ўрин тутади. Иқтисодий ва инвестициявий имкониятлар туфайли сўнгги йилларда янги корхоналар кўпайиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Навоий шаҳридаги “Uzbekistan hydrogen peroxide” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Вилоятдаги корхоналарга водород пероксиди доим зарур. Умуман, юртимиз саноат тармоқларида бу кимёвий бирикмага йиллик талаб ўртача 15 минг тоннадан зиёд. Жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган “Uzbekistan hydrogen peroxide” қўшма корхонасида шундай талабгир маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Қиймати қарийб 30 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида завод қурилиб, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Германия, Италия ва Швециядан замонавий ускуналар келтирилиб ўрнатилди. 80 га яқин киши иш билан таъминланди. Корхона йилига 30 минг тонна водород пероксиди ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бу бирикмадан кимё, металлургия, электр техникаси, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги каби ўнга яқин тармоқда фойдаланилади. Жумладан, қоғоз, маиший ва кимёвий воситалар ишлаб чиқариш, уран ва кобальт маҳсулотлари қазиб олишда фаол қўлланилади. Қадоқларни тозаловчи, сунъий ва синтетик толаларни оқартирувчи восита сифатида ишлатилади.
Асосийси, иқтисодий самарадорлик юқори. Бу ерда табиий газ чуқур қайта ишланиб, бозорбоп маҳсулотга айлантирилади. Мисол учун, 60 фоизли водород пероксиди тиббиётда уч баробар, маиший кимё воситаларида икки баробар қўшилган қиймат яратади.
Корхона лабораториясига ҳам энг сўнгги русумдаги жиҳозлар ўрнатилган. Унда ҳар соатда таҳлил ўтказилади. Бу маҳсулот сифатини доимий назорат қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.
– Ҳар бир лойиҳадан мақсад – юқори даромад, қўшилган қиймат. Бу корхона шу жиҳатдан маъқул. Энди ишлаб чиқариш барқарорлиги, харидорлар ишончи учун буни кафолатланган хомашё билан таъминлаш керак. Маҳаллийлаштириш дастури асосида қулай шартларда кредит ажратиш ҳам мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга бу корхона мисолида шундай лойиҳаларни кўпайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.
Водород пероксиди шу пайтгача Ўзбекистонга катта харажатлар билан фақат чет элдан олиб келинар эди. Энди эса маҳаллий маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, импорт ўрнини тўлдиради. Шу билан бирга, яқин минатақада бундай корхона йўқ. Шу боис маҳсулот МДҲ ва Европа мамлакатларига ҳам етказиб берилмоқда. Қисқа вақтда қарийб 1,5 миллион долларлик экспорт қилинган. Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 10 миллион доллар.
Бу суюқ кимёвий маҳсулотларни сақлаш ва етказиб бериш учун шу ернинг ўзида пластик қуйма идишлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Корхонани муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида қуввати 27 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.
Яна бир эътиборли жиҳати, илгари мамлакатимиз кимё соҳасида хусусий сектор бўлмаган. Бу корхона сўнгги йилларда соҳага кириб келган тадбиркорлик субъектларидан бири.
Шу ерда корхона фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, Туркиянинг “Orbak Metal Industry” компанияси билан гидроген пероксиди ишлаб чиқариш қувватини 45 минг тоннага ошириш, шунингдек, туташ ҳудудда озиқ-овқат саноати лойиҳасини ташкил этиш режалаштирилган.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Кармана туманида барпо этилаётган кимёвий маҳсулотлар технопаркини бориб кўрди.
Навоий вилоятида кимё саноати ривожланган. Ҳудудда минерал ресурслар кўп, тармоқ инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти яхши. Бундан фойдаланиб, истиқболли корхоналар ташкил этиш учун эса мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити ва тадбиркорларга шароит бор.
Шу негизда хитойлик ишбилармонлар томонидан “Zarafshon industrial technology” номи остида кимё технопарки барпо этилмоқда.
Мазкур мажмуа учун 130 гектар ер майдони ажратилган. Бу ерда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 18 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Ҳозиргача уларнинг иккитаси – 40 минг тонна олеум, 170 минг тонна сульфат кислотаси олиш лойиҳалари ишга туширилди.
Эътиборлиси, сульфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқликдан унумли фойдаланиш мақсадида 1,4 мегаватт қувватга эга буғ-газ қурилмали энергоблок қурилган. Бу корхона ўзини ўзи тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Айни пайтда корхона томонидан 330 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқариш ҳамда технологик жараёнда ҳосил бўладиган иссиқликдан 15 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмали энергоблок қуриб битказилган.
Давлатимиз раҳбарига технопаркда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, қиймати 150 миллион долларлик 1 миллион тонна сульфат кислотаси, 120 миллион долларлик 50 минг тонна каустик сода ҳамда 135 миллион долларлик 100 минг тонна фталоцианин (тўқимачилик бўёғи) ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши бошланган.
Технопаркда бошқа тармоқлар билан кооперация алоқалари самарали йўлга қўйилади. Натижада қурилиш саноатида 75 миллион, енгил саноатда 107 миллион, тиббиётда 38 миллион долларлик четдан келадиган маҳсулотлар ўрни қопланади.
Технопаркда маҳаллийлаштириш айни пайтда 31 фоизни ташкил қилади. Лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида бу кўрсаткич икки баробар ортади.
Давлатимиз раҳбари корхоналарда ишлаб чиқариш балансини таъминлаш, «off take» шартномалар қилиб, маҳсулотларни кафолатли сотиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда технопаркда 300 кишининг бандлиги таъминланган. Барча лойиҳалар амалга ошгач, 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилади, антрахинон, каустик сода, мис хлориди, диметилсульфат, натрий сульфид, резорцин каби маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилади. Технопаркнинг йиллик экспорт салоҳиятини 2026 йилда 30 миллион долларга етказиш ва изчил ошириб бориш режалаштирилган.
Шунингдек, керакли коммуникация тармоқлари ҳам хорижий инвестор маблағлари ҳисобидан қурилмоқда.
Шу ерда 2024-2030 йилларда «Навоийазот» акциядорлик жамияти негизида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди.
Унга кўра, 5 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни бўлади. Йилига 2 миллиард доллардан зиёд кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосий қисми экспортга йўналтирилади.
Президентимиз лойиҳаларда экология талабларига алоҳида эътибор қаратиш, заводларни углерод оксидини ҳавога кам чиқарадиган ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Лойиҳалардан 4 таси келгуси йили фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари уларнинг инвесторлари билан мулоқот қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги саноат зонасида “Universal filter” бренди остидаги маҳаллий маҳсулотларни кўздан кечирди. Бу ерда транспортлар учун ҳаво ва мой фильтрлари, металлургия, нефьт-газ ва кимё саноати корхоналари учун буюмлар – жами 600 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ўз фаолиятини 2007 йилда қурилиш материаллари тармоғидан бошлаган тадбиркор 2020-2023 йилларда 20 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширган. Бугунги кунда уч гектар майдонда 6 та йўналиш йўлга қўйилган. Корхоналарга Россия, Хитой, Словакия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган.
Тадбиркорнинг айланма маблағи бундан етти-саккиз йил олдин атиги 1 миллиард сўм эди. Эндиликда жорий йил якунига қадар 200 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. 250 кишининг доимий бандлиги таъминлангани эса ижтимоий муҳим жиҳат.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотлар билан танишди.
Мамлакатимизда атмосфера ҳавосига таъсири бўлган 3 мингдан зиёд саноат корхонаси мавжуд. Улардаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг кўпи эскирган. Илгари бу йўналиш фақат чет элга боғланиб қолгани учун фильтрларни янгилаш йиллаб чўзилган. Энди бу соҳада ҳам импортга рақобатдош ўз маҳсулотларимиз ва хизмат кўрсатиш пайдо бўлмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида юздан ортиқ корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари янгиланди.
Бундай ишларда мазкур корхонанинг ҳам ўрни бор. Ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши натижасида сифатни йўқотмаган ҳолда таннархни туширишга эришилмоқда.
Корхона маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжонга ҳам жўнатилмоқда. Жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажми 1 миллион долларга етиши кутилмоқда. Келгусида бу географияни ва миқдорни ошириш мақсад қилинган.
Шу ерда Навоий вилоятининг саноат маҳсулотлари кўздан кечирилди. Жумладан, оғир ва енгил саноат учун деталлар, ускуналар, компрессорлар, электротехника жиҳозлари, мис ва пластик қувурлар, насос қисмлари намойиш этилди. Уларни бирлаштирувчи жиҳат – маҳаллийлаштирилгани.
Президент мамлакатимизда гидроэнергетикани янада ривожлантириш мақсад қилинганини таъкидлаб, кичик ва микроГЭСлар қуриш ҳамда уларнинг компонентларини ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича топшириқ берди. Навоий кон-металлургия комбинати каби йирик корхоналар учун маҳаллийлаштириш лойиҳаларини кучайтириш орқали вилоятда ишсизликни камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Сўнг давлатимиз раҳбари Навоий вилоятида режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Кейинги етти йилда вилоятга 3 миллиард 500 миллион доллардан ортиқ инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 64 минг 700 та иш ўрни ва йилига 1 миллиард 200 миллион долларлик экспорт имконияти яратилган. Бу йил 2 миллиард 100 миллион долларлик 577 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бу ишлар изчил давом эттирилиб, хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 26 миллиард 800 миллион долларлик юздан ортиқ стратегик ва йирик лойиҳа шакллантирилган.
Президентимизга уларнинг 12 таси тақдимот қилинди.
Лойиҳаларга АҚШ, Франция, Германия, Австрия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Хитой, Япония, Корея, Туркия каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Бу ташаббуслар кимё, энергетика, тоғ-кон, электротехника, тиббиёт, қурилиш индустрияси, текстиль ва тўқимачилик каби тармоқларни қамраб олган.
Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Кармана туманида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлайдиган лойиҳалар амалга оширилади. Кимё ҳамда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат паркини ташкил этиш, шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқариш корхонаси шулар сирасига киради.
Шу туманда Россия билан яна бир инвестицион ташаббус – озиқ-овқат саноати учун алюмин қадоқлар ясаш йўлга қўйилади. Туркия билан ҳамкорликда Конимех туманида йилига 370 минг тонна фосфорит қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда фосфор кислотаси ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ташкил этилади. Австрия билан эса Навоий шаҳрида йилига 170 минг тонна цианит натрий тузлари ва каустик сода олиш лойиҳаси режалаштирилган.
Мазкур лойиҳалар натижасида 17 минг 800 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Президентимиз ташаббускорларга ташкилий-молиявий масалаларда кўмаклашиб, лойиҳаларни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари “Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, нуронийлар ва зиёлилар билан суҳбатлашди.
– Бугун бу ерга Навоий вилоятидаги 8 та туман, 3 та шаҳарнинг эртанги куни қандай бўлади, деган саволга жавоб топиш учун келдик. Аслида, битта рўзғорни тебратишнинг ўзи бўлмайди. Худога шукур, аҳолимиз 38 миллионга яқинлашаяпти. Бунинг учун халқимизга муносиб мустаҳкам замин яратиб боришимиз керак. Бундай янги шаҳарчаларни нима учун қураяпмиз? Ёшларимиз ўсиб келаяпти. Улар ўзи туғилиб ўсган жойида ишлаб, яхши яшаши учун ҳамма ҳудудларда шароит яратамиз, – деди Президент.
Лойиҳа учун 1 минг 100 гектар ер Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилган. Биринчи босқичда 450 гектар майдонда қурилиш режалаштирилган.
Шаҳарчада 7-22 қаватли уй-жойлар, 4 минг 170 ўринли умумтаълим мактаблари, 1 минг 620 ўринли боғчалар, поликлиника барпо этилади. “Янги Ўзбекистон” боғи, Навоий давлат педагогика институтининг янги кампуси ҳам шу ерда бўлади.
Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятида саноат ривожлангани, лекин хизмат салоҳияти тўлиқ ишга солинмаганини айтди. Шу боис шаҳарчада сайилгоҳ, кўнгилочар масканлар, савдо дўконлари, овқатланиш шохобчалари ташкил этиб, хизматлар ривожлантирилиши белгиланди.
Шаҳарча қурилиши дирекция томонидан мувофиқлаштириб борилади. Ер майдонлари электрон аукционга қўйилиб, ғолиб қурилиш ташкилотлари билан инвестиция шартномаси тузилади.
Бугун Навоий шаҳрида бунёдкорлик жадал. Фаровон – янги ташкил топган маҳаллалардан бири. Бу ердаги 50 дан ортиқ кўп қаватли уйда 15 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудудда кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, театр ва меҳмонхоналар, боғча ва мактаблар барпо этилган.
Давлатимиз раҳбари шу ердаги 22-умумтаълим мактабида бўлди.
Мамлакатимизда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам таълим соҳаси энг биринчи вазифа сифатида белгиланган.
1 минг 800 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олаётган бу муассаса ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Барча синфхоналар, лаборатория, компьютер ва хорижий тил хоналари, спорт зали, футбол майдони, ошхонада замонавий шароитлар яратилган. Кутубхона 3 мингдан ортиқ китоблар билан таъминланиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона тизимига ҳам уланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан таълим сифатини Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга яқинлаштириш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда муассасага 104 нафар ўқитувчи билими ва педагогик маҳорати бўйича саралаб ишга қабул қилинган. Дарслар ҳам илғор мактаблар дастури асосида олиб борилмоқда.
Ёшларга камида иккита чет тили ва битта замонавий ҳунар ўргатиш жараёни бу ерда ҳам изчил амалга оширилмоқда. Бунинг учун мактабда амалий санъат, меҳмонхона хизмати, рассомчилик, сураткашлик, IT йўналиши, робототехника каби касб-ҳунарлар бўйича ўндан ортиқ тўгараклар ташкил этилган.
Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Ватан таянчи” ҳарбий ватанпарварлик гуруҳи ташкил этилган. Унда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардалар жасорати ҳақида мулоқотлар бўлади. Ватанпарварлик тадбирлари, спорт мусобақалари тез-тез ўтказилади.
– Илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш яхши. Қалбингизда ватанпарварлик кучли бўлса, шижоатингиз янада баланд бўлади, – деди Президент.
Мактабда “Иқтидор” клуби ҳам ташкил этилган. Унда ижодкор ўқувчилар мусиқа, театр ва санъат йўналишида турли машғулотларда иштирок этади.
Президентимиз мактаб фаолияти билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
– Менинг энг катта ташвишим, мақсадим – ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади, – деди Президент болаларга.
Таълим даргоҳида “хавфсиз мактаб” тизими ишлайди. Бунинг учун муассасага кириш-чиқишда “Face ID” дастури қўйилган. Шунингдек, қуёш панеллари ўрнатилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги политехникумда ҳам бўлди.
Мамлакатимизда энг асосий масалалардан бири – бандлик. Аҳолига талаб юқори касбларни ўргатиш мақсадида техникумлар тармоғи ривожлантирилмоқда.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 25 та профессионал таълим муассасаси бор. Уларда 12 минг фуқаро ўқимоқда. Уларга малакали педагоглар, 234 нафар ишлаб чиқариш усталари бириктирилган.
2-сон политехникумда 41 та ўқув ва лаборатория хонаси, 350 ўринли фаоллар ва спорт заллари, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона мавжуд. Мактаб битирувчилари ва турли ёшдаги фуқаролар учун кундузги, сиртқи, кечки ва дуал таълим йўлга қўйилган.
Касбларни амалиёт билан боғлашда вилоятдаги йирик саноат корхоналари катта ўрин тутмоқда.
Масалан, Навоий кон-металлургия комбинати ўзи учун зарур пайвандловчи ва чилангар, “Навоийазот” акциядорлик жамияти кимёвий технология лаборанти, Навоий иссиқлик электр станцияси электр монтажчи касбларига ёшларни мақсадли тайёрлайди. Бунинг учун саноат корхоналари техникумда ўз бўлимларини очган. Ўқувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам касб ўрганади ва бажарган ишига яраша маош олади.
Маҳаллалар билан биргаликда ишсиз фуқаролар, малакаси етарли бўлмаганлар, ишлаш истагидаги аёллар ҳам ўқишга жалб этилмоқда. Касбларни яхши эгаллаганлар шу корхоналарга ишга олинади.
Президентимиз бу ерда ўқиётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
– Сизларда ишонч ва интилиш пайдо бўлганидан хурсандман. Касбни маҳкам тутиб, ҳаётда ўз ўрнингизни топинг. Меҳнатингиздан бахт топишингиз учун сизларни қўллаб-қувватлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, «Mengi Textile Group» ва «Navbahor Qorajon» текстиль корхоналари билан дуал ва қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган. Хотин-қизлар етарли кўникмага эга бўлгач, тикувчилик цехларига ишга қабул қилинади.
Дурадгорлик устахонасида ўқувчилар ясаётган эшик, стол-стул каби жиҳозлар вилоятда анча харидоргир. Улар таълим олиш билан бир вақтнинг ўзида ишлаб, оилаларига кўмакчи бўлишмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун қўл меҳнати билан миллий ҳунармандчилик буюмларини ясашга ўргатиш ўқув курслари ҳам бор.
Шунингдек, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси томонидан соҳа ходимларининг малакасини ошириш ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
Қайд этиш лозимки, Навоий вилоятидаги таълим муассасалари билан 51 та корхона ўртасида шартнома имзоланган. Йил бошидан буён мингдан зиёд ишсиз фуқаро ўқитилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдували БЎРИЕВ,
ЎзА мухбирлари