Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтди.

Сайлов жараёнини халқаро кузатувчилар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари бевосита кузатиб борди.

Халқаро кузатувчилардан бири – Россия-Тожикистон (Славян) университети профессори Раҳмон Ўлмасов ўз фикрларини билдирди.

– Икки кундирки қардош халқнинг пойтахтидамиз. Сайловдан олдин тайёргарлик жараёнлари, халқнинг кайфияти билан қизиқдик.

Тўғриси, самолётда, аэропортда ўзига хос сайлов кайфияти сезилди. Аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан мулоқот қилдим. Сайловни одамлар катта қизиқиш билан кутаётганига амин бўлдим. Бу аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб бораётганини кўрсатувчи муҳим омилдир.

Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда жуда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Турли соҳаларда ривожланиш, тараққиёт яққол кўзга ташланмоқда. Биз яқин қўшни, қардош сифатида бундан мамнунмиз.

Халқнинг кайфияти, сиёсий жараёндаги фаол иштироки ана шу ислоҳотлар натижаси, десак муболаға бўлмайди. Шу билан бирга, сайлов – бу депутатликка номзодлар учун имтиҳон ҳамдир. Бу имтиҳондан муносибларгина ўтади.

Норгул Абдураимова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),  

ЎзА