Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги навбатдаги брифинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Ш.Полвонов иштирокида бўлди. Унда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, ҳар бир фуқаро Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериши уларнинг мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши, демакдир. Сайловда фуқароларнинг умумий, тенг ва яширин тарзда овоз бериш ҳуқуқларини амалга оширишларига шароит яратилади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, судлар сайлов жараёнларига аралашмайди. Аммо сайлов қонунчилиги бузилган ёки сайлов жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид мурожаатларни, яъни сайловга оид низоли ҳолатларни ўз вақтида, адолатли кўриб чиқиш, одил судловни амалга оширишда иштирок этади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий судида ишчи гуруҳ тузилиб, келиб тушиши мумкин бўлган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишлар ташкил этилди.

Таъкидланганидек, сайлов қонунчилиги ва сайловга оид низоларни судларда кўриб чиқиш тартиблари бўйича оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди. Судялар иштирокида семинарлар ўтказилди.

Бугунга қадар Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш бўйича ариза келиб тушмаган. Бироқ халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодлар кўрсатиш жараёни бўйича 2 та ариза, сиёсий партия фуқарони туман Кенгаши депутатлигига номзодлар рўйхатидан олиб ташлагани юзасидан битта ариза келиб тушган бўлиб, улар судлар томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилган.

Бугун 15:00 га қадар судларга сайловда овоз бериш жараёнларига оид мурожаатлар келиб тушмаган.

Сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушмаган. Бироқ, сайловолди ташвиқоти давомида сайлов ва ташвиқотга оид материалларга қасддан шикаст етказиш бўйича судларда 2 та иш кўриб чиқилгани қайд этилди.

Шунингдек, брифингда сайлов комиссиялари фаолияти бўйича шикоятлар келиб тушмагани, бу эса Марказий сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш ишлари тўғри ташкил қилинганидан далолат бериши қайд этилди.

М.Комилова,  

А.Алижонов (сурат),  

Ё.Мелибоев (видео),  

ЎзА мухбирлари