Сурхондарё вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига депутатлар сайловида иштирок этаётган халқаро кузатувчилар ҳам муҳим сиёсий кампанияга умумэътироф этилган сайлов тамойиллари асосида ҳозирлик кўрилганини қайд этмоқда.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясида бўлган халқаро кузатувчи (Лаос) Кирия Банчонпакди сайлов жараёнларига кўрилган тайёргарликни муносиб баҳолаб, рақамли технологиялар имкониятидан самарали фойдаланилаётгани ва бу муҳим сиёсий кампанияда ёшлар фаол қатнашаётганини алоҳида эътироф этди.
Халқаро кузатувчини вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова қабул қилиб, Миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ва ўтган даврда кўрилган тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот берди.
Кирия Банчонпакди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси билан танишиб, бинода комиссия аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва сиёсий партиялар ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари учун яратилган шароитлар билан танишди.
– Сайлов жуда тартибли, уюшқоқлик билан ўтмоқда, –деди Кирия Банчонпакди. – Бунинг учун жойларда катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдим. Бу жараёнга рақамли технологиялар кенг жорий этилгани қувонарли ҳолат. Ёшларнинг сайловда фаол қатнашаётганини кузатиб, уларга ҳавасим келди. Чунки, ҳозир дунёнинг аксарият мамлакатларида бундай тадбирларга ёшларнинг қизиқиши бироз сусайиб бормоқда.
Ўзбекистон, хусусан, Сурхондарё вилоятида илк марта бўлишим. Тоза, озода юрт экан. Менга об-ҳавоси, гўзал табиат манзаралари жуда ёқиб қолди. Вилоятдаги қадимий Фаёзтепа, Қоратепа каби буддизм ёдгорликлари билан танишиб, будда динига оид тасаввурларимни янада бойитганимдан беҳад қувондим. Халқингизнинг меҳмондўст, самимий ва кўнгли очиқлиги илиқ таассурот уйғотди.
Жанубдаги вилоятда сайлов давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири