Қатар Давлати QNA ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жараёни қизғин давом этаётгани ҳақида мақола эълон қилди. Муаллиф овоз бериш жараёнида фуқаролар учун барча шароит яратилганини таъкидлаб, Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида МСК Раиси Зайниддин Низомхўжаев иштирокида дастлабки брифинг бўлиб ўтгани, тадбирда жараён хусусидаги маълумотлар тақдим этилганига тўхталган.

Қайд этилганидек, бугун эрталабдан мамлакатимиз ҳудудларида 11 028, шунингдек, бошқа давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасалари ҳузурида 57 сайлов участкаси иш бошлади.

Мазкур муҳим сиёсий тадбирда жараённи бошқаришнинг автоматлашган тизимида тузилган сайловчиларнинг электрон рўйхатига 19 944 859 киши киритилган. Бундан ташқари чет эллардаги 165 631 нафар фуқаромизга овоз бериш имконияти яратилди.

Мақолада бу галги сайловда Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳри кенгашларига 3 625, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига 24 850 номзод кўрсатилгани қайд этилган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА