Жорий йил 26 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жаҳон тиббиётида муҳим воқеа – ортопед-травматологларнинг халқаро конференцияси бўлиб ўтади.

Ушбу кенг кўламли тадбирда Ўзбекистон ҳамда узоқ ва яқин хорижий мамлакатларнинг етакчи мутахассислари ўзаро тажриба алмашиш, энг янги технологияларни муҳокама қилиш, шунингдек, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари  ва маҳорат дарслари ўтказилади. Aнжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Россия, AҚШ, Туркия каби давлатлар вакиллари иштирок этади.

Тадбирнинг ўзига хослиги шундаки, у нафақат назарий билимлар алмашинуви, балки амалий ишларни ҳам ўтказиш имконини беради. Конференциядан кўзланган асосий мақсад травматологик ва ортопедик касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишдан иборат. Қайд етиш жоизки, реабилитация даврини сезиларли даражада қисқартириш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берувчи юқори технологияли жарроҳлик амалиётларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши юртимизда тиббиёт фанининг юксак савиясини таъкидлабгина қолмай, тиббиёт ҳамжамиятида халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Нукусдаги анжуман шифокорларга ўзаро тажриба алмашиш, сўнгги ёндашувларни муҳокама қилиш, травматология ва ортопедия соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал этиш йўлларини биргаликда ишлаб чиқиш имконини беради.

Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасида инновациялар ва халқаро ҳамкорликка интилишини яна бир бор тасдиқлаб, мамлакатимизни дунёнинг энг яхши мутахассислари ва тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш марказига айлантиради.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.