Хитой Тайпейида давом этаётган U-17 Осиё кубогининг гуруҳ босқичида иштирок этаётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси муносиб ўйин намойиш этмоқда.

Қитъа кубогининг “Е” гуруҳидан жой олган умидли футболчилар жамоамиз кеча гуруҳ босқичининг 2-турида Хитой Тайпейи терма жамоаси билан куч синашди.

Шиддатли кечган баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси Хитой Тайпейини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувнинг 61-дақиқасида Абубакир Шукуруллаев томонидан киритилган гол ўсмирлар  терма жамоамизга ғалаба келтирди.

U-17 Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 1-турида Фаластинни 3:0 ҳисобида мағлуб этган терма жамоамиз 3-турда Ироқ терма жамоаси билан рўбарў келади.

2-турнинг Ироқ-Фаластин тўнашувида ироқликлар 4:0 ҳисобида муваффақиятга эришди.

Эртага, 27 октябрь куни гуруҳ босқичининг сўнгги 3-турида 6 тадан очкога эга Ўзбекистон ва Ироқ Осиё кубоги йўлланмаси учун кураш олиб боради. Ушбу “дуэль”да омадга эришган жамоа гуруҳ Осиё кубогининг кейинги босқичига йўл олади.

Айтиш лозим, Ўзбекистон-Ироқ ўйинидаги дуранг натижа ҳам Ироқни етакчига айлантиради. 2-ўринни эгаллаган жамоа эса бошқа гуруҳ натижаларини кутиши керак бўлади. Шу жиҳатдан ўсмирлар терма жамоамиз эртага ўтадиган 3-турда фақат ғалабага эришиши лозим бўлади. Бу йўлда Ислом Исмоилов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси аъзоларига омад тилаб қоламиз.

Т. Рўзиев, ЎзА