Бугун, 2024 йил 27 октябрь соат 08.00да Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлови бошланди.

Бош қомусимизга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Бугун юртдошларимиз, иш, ўқиш юзасидан бошқа давлатларда яшаётган ватандошларимиз сайловга оид конституциявий ҳуқуқини амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сайлов кодексининг 51-моддасига кўра, овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.

Айтиб ўтиш керакки, Марказий сайлов комиссияси хабарига кўра, бу галги сайловда 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчи рўйхатга олинган.

Ўн мингдан ортиқ сайлов участкалари фуқароларнинг овоз бериши учун тайёр ҳолатда.

Муҳими, сайловларни ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, сайлов округлари ва участкалари ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек сайлов комиссиялари жойлашган биноларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш чора-тадбирлари ва бошқа ташкилий масалалар ҳал этилган.

Ҳар бир сайловчи муҳим сиёсий жараёнда иштирок этиш орқали нафақат ўз конституциявий ҳуқуқини амалга оширади, балки келажак учун овоз беради.

                                               Норгул Абдураимова, ЎзА