АҚШнинг «Biologic International” LLC компанияси Ўзбекистонда крахмал ва оқсил ишлаб чиқаришга йўналтирилган буғдойни қайта ишлаш заводини барпо этиш таклифини ишлаб чиқаётганини маълум қилди.

24 октябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазирлик масъуллари ҳамда АҚШнинг мазкур компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда янги лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, «Biologic International” LLC компанияси ҳозирда молиявий моделни ишлаб чиқмоқда ва турли платформаларни ўрганмоқда.

Мақсад завод учун мос ҳудудни кўриб чиқиш, технопарклар раҳбарияти билан учрашиш ҳамда компаниялар билан молиялаштириш масалаларини муҳокама қилишдир.

Бундан ташқари, маҳсулотни қайта ишлаш бозорини баҳолаш ва ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё етказиб берувчиларни жалб этиш ҳам режалаштирилган, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.

А.РУСТАМОВ, ЎзА