Пойтахтимиздаги «ЖАР» спорт-соғломлаштириш мажмуасида эркаклар ўртасида волейбол бўйича Марказий Осиё чемпионати ниҳоясига етди.
Афғонистон, Қирғизистон, Мальдив ороллари, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон жамоалари бир ҳафта давомида чемпионлик учун баҳслар олиб бордилар.
Бугун финал баҳсида волейболчи йигитларимиз қирғиз спортчиларига қарши майдонга тушди. Қизғин ва муросасиз ўтган учрашув меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди: Ўзбекистон – Қирғизистон 0-3. 3-ўрин учун Туркманистон ва Афғонистон волейболчилари беллашди. Учрашув туркманистонлик волейболчилар фойдасига (3-0) ҳал бўлгани боис, бронза медали уларга насиб этди.
Беллашувлар ниҳоясига етгач, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон жамоалари ташкилий қўмита томонидан таъсис этилган кубок, медаль ва диплом билан тақдирландилар. Шунингдек, Марказий Осиё чемпионатидаги баҳсларда фаоллик кўрсатган турли номинация ғолиблари ҳам тақдирланди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА