Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт залида аравачада қиличбозлик бўйича катталар ва ёшлар (“U-23”) ўртасида Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди.
Жисмоний имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур мусобақада юзга яқин қиличбозлар ғолиблик учун куч синашди.
Чемпионатнинг тантанали очилишида юртимизда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларни спорт билан шуғулланиши, шу жумладан, аравачада қиличбозлик йўналишида зарур шароитлар яратиш, ушбу спорт турини оммалаштириш, халқаро ареналарда, айниқса, Паралимпия ва Параосиё ўйинларида Ўзбекистон довруғини юксалтирадиган спортчиларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Беш кун давом этган, кўтаринки руҳда ташкил этилган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган пара қиличбозлар жамоавий баҳсларда маҳоратларини синовдан ўтказди.
Республика чемпионатининг якуний натижаларига кўра, шпага йўналишида Фарғона вилоятидан Бобур Мусинжонов ва Тошкент вилоятидан Албина Нуриддинова, сабля йўналишида Андижон вилоятидан Расулла Жусипбаев ва нукуслик Меҳрибон Жалгасовага тенг келадиган рақиблар топилмади.
Умумжамоа баҳсларида эса Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Мезбонлар Наманган вилояти жамоаси фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди. Андижон вилояти жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Турнирнинг тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорлар Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан махсус диплом, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.