Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Айтиб ўтиш керакки, маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида кенг қамровли профилактика чора-тадбирлари амалга оширилишига қарамасдан маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда. Бу эса мазкур йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларининг қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқда.
Айнан шу тоифадаги шахслар судлар томонидан белгиланган тақиқ (чеклов)ларга бир неча бор риоя қилмаганлиги учун 2023 йилда 717 нафар ва 2024 йилнинг 9 ойида эса 637 нафар шахс Жиноят кодексининг 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилган.
Шу сабабли, оғир ёки ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатларни бериш зарурати юзага келди.
Ички ишлар вазирлиги томонидан назорат остида турган махсус тоифа шахслар ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, уларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида мазкур қонун ишлаб чиқилди.
Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-моддаси санкция қисмига амалда бўлган жарима жазосидан ташқари маъмурий қамоқ жазоси ҳам киритилди.
Пробация бўлинмалари ходимларининг назорати остидаги шахс томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда унга нисбатан маъмурий баённома тузиш учун уни ҳудудийлик жиҳатдан яқин орада жойлашган таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий баённома расмийлаштириш керак. Бу пробация ходимининг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфланишига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддаси тўртинчи қисмига қўшимча ва ўзгартириш киритиш орқали ички ишлар органларининг пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколатини пробация хизматининг катта инспектори ва инспекторига бериш нормаси белгилаб қўйилди.
Сенаторлар маъқуллаган қонуннинг махсус тоифадаги шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича аниқланган жойнинг ўзида таъсир чораларини қўллашга, ушбу тоифа шахслар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигининг ошишига ҳамда фуқароларнинг беҳуда оворагарчиликларининг олди олинишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА