Ота-оналарнинг фарзандлар олдидаги масъулияти нафақат қонун талаби, балки инсоний бурчи ҳам ҳисобланади. Зотан, вояга етмаган фарзандларнинг таъминоти учун алимент тўловлари уларнинг соғлом ўсиши, таълим олиши ва ҳар томонлама камол топиши учун зарурдир.
Конституциянинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Лекин, амалда ўз бурчини бажармаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. 2024 йил 9 ойи давомида Омбудсманга алимент ундириш бўйича 370 мурожаат келиб тушган. Уларнинг сони 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 23,3 фоизга ошган.
Ушбу мурожаатларнинг ўрганилиши натижасида вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 286 миллион 477 минг сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган.
Бунда, 8 ҳолатда алимент тўламаган қонунбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилган, 5 ҳолатда эса айбдор қарздорларга жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан жазо тайинланиши белгиланган.
Айтиб ўтиш керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига кўра, вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун алиментларни ўз вақтида тўламаган шахсларга 15 сутка қамоқ ёки базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 баравари миқдорида жарима, шунингдек, 120 соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. Қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам алимент тўлаш мажбурияти бажарилмаса, бу уларни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги қарори билан тасдиқланган “Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида”ги низомга кўра, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздордан жиноят ишлари бўйича суддан келиб тушган алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ундириш чоралари кўрилади.
Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча чоралар натижасиз бўлган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда икки иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тўловлар амалга оширилади.
Н.Абдураимова, ЎзА