Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва ҳудудий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан Қорақалпоғистон Республикасида “Адолат” СДП фаоллари ва депутатликка номзодлар томонидан сайловолди ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда.

Нукус шаҳридаги “Наврўз”, “Навбаҳор”, “Жайхун”, “Ипак йўли” ҳамда “Наўқан боғ” маҳалла фуқаролар йиғинларида партия фаоллари ва депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан юзма-юз учрашувлари ўтказилди. Хонадонларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар олиб борилиб, партиянинг дастурий мақсадлари ҳамда депутатликка номзодлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Маҳаллалар аҳолисига партиянинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларга тенг имкониятлар яратиш, ёшлар сиёсати, оила мустаҳкамлигини таъминлаш доирасидаги ижтимоий ташаббуслари маъқул келмоқда. Айниқса, сайловолди дастуридаги хотин-қизлар ва болаларнинг ҳаёти, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “шелтер”лар очиш ташаббуси алоҳида эътироф этилмоқда.

Шелтер – бу уйсизлар, шунингдек, жинсий зўравонлик қурбони бўлган ёки уйда зўравонликни бошдан кечирган хотин-қизлар ва болалар учун бошпана бўлиб, партия томонидан уларда зўравонликка учраганларга то вазият ўнглангунга қадар таълим бериш, зарур тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўриш мақсад қилиб олинган.

Партия номзодларининг мазкур ёндашув асосида маҳаллалардаги кенг кўламли тарғибот ишлари муҳим сиёсий жараёнларда сайловчилар қўлловига эришиш учун мустаҳкам замин яратади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.