Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ёнғин хавфсизлиги ва аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Нукус шаҳар фавқулодда вазиятлар  бўлими мутасаддилари сўзга чиқиб,  сўнгги йилларда мамлакатимизда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш ва табиий газдан  фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал этиш бўйича аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот тадбирларига батафсил тўхталиб ўтилди.

Йиғилганларга аҳоли турар-жойларида табиий газдан тўғри фойдаланиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига доимий амал қилиш, ис газидан заҳарланиш оқибатида юз берадиган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича атрофлича тушунчалар берилди. Мутахассислар томонидан  кейинги йилларда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар оқибатида бир қанча фуқаролар жароҳат олгани ва ҳодисалар оқибатида ўлим билан тугаган айрим ҳолларда ҳақида статистик маълумотлар келтирилди.

Тадбир давомида ота-оналар ва талабалар ҳам сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди. Талабаларга табиий газдан тўғри фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Филиалдаги ижара уйларда яшаб келаётган талабалар ҳолидан мунтазам равишда хабар олиниб, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири