Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Нукус шаҳар бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда тадбиркорнинг пулини қўлга киритмоқчи бўлган фирибгар қўлга олинди.
Фуқаро Р.К. озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркор Б.Э. га ўзини Чимбой тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими раҳбари сифатида таништирган. Унинг фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ходимлари томонидан текшириш олиб борилмаслиги эвазига 13 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.