Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларнинг талаба ёшлар билан учрашуви ташкил этилди.
Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органлари сайловига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Албатта, сайловда фаол иштирок этиш, муносиб номзод сифатида ўз сайловолди дастурида илгари сурган ғоя ва мақсадларни сайловчиларга етказиш долзарб вазифа бўлиб, бу номзодлар ва партия вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.
Учрашув аввалида олий ўқув юрти ҳудудида партиянинг тарғибот пункти ташкил этилиб, ёш сайловчиларга атрофлича маълумотлар берилди ва тарғибот материаллари тақдим этилди.
Партиянинг Нукус шаҳар Кенгаши раиси Баҳодир Жузбаев сўзга чиқиб, “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” деб номланган 2025-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурининг мазмун ва моҳияти, мақсад ва вазифалари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди. Шундан сўнг номзодларнинг сайловолди дастуридаги муҳим ва долзарб масалалар таништирилди.
– Дастуримизда ҳуқуқий давлат барпо этиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш каби 9 та йўналишда қатор вазифаларни белгилаб олганмиз, – дейди Олий Мажлис қонунчилик палатасига номзод Шаҳзода Абдираманова.
Тадбирда депутатликка номзодлар аҳолининг фаровон ҳаёти, фуқароларнинг сифатли таълим, малакали тиббиётдан баҳраманд бўлиши, муҳими эртанги кун ривожи учун қатор мақсадлар ва истиқболли вазифалар моҳиятини ёш сайловчиларига батафсил тушунтирди.
Очиқ мулоқот жараёнида ёшларнинг долзарб муаммолари муҳокама қилиниб, таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Сайловчилар партия номзодлари ҳақида батафсил маълумот олиш билан бирга, уларнинг ҳаётий муаммоларни ҳал қилишдаги режаларини ҳам билиб олиш имконига эга бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.