ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманидаги Қаратерен кўли бўйида янги барпо этилган, ҳеч қаерда ўхшаши йўқ миллий услубдаги “Қаратерен” этно-туристик мажмуасининг очилиши муносабати билан ёшлар фестивали ўтказилди.

Фестивалда ёшлар, маданият ва санъат ходимлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Турли миллат вакилларининг миллий урф-одат ва анъаналари жамланган театрлаштирилган композициялар, миллий ўтовлар ёнида қардош халқларнинг кундалик ҳаётини акс эттирувчи манзаралар, турли ўйин-кулги томошалари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. “Бешик шабар”, “Тисов кесар”, “Қиз базми”, “Қиз узатиш”, “Келин салом” каби ота-боболаримиздан қолган бой меросимиз, миллий урф-одатларимиз намойиши ўзгача руҳда ўтди. Шунингдек, қорақалпоқ халқи ва қардош халқларнинг миллийлиги, ўзлиги ва ўзига хослигини мужассам этган тегирмон тортиш, урчуқ йигириш, гўбида ёғ чиқариш каби ҳаётий манзаралар, турли халқлар миллий таомлари намойиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари, кўл бўйлаб ёшлар сайиллари, от, туя миниб сайр қилиш, шу каби жуда бой этно муҳит барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Фестиваль “Fashion night” либослар кўргазмаси, мусиқий дастур ва салютлар шоуси билан давом этди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА