ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида ўтказилаётган “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонининг республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардан 100 дан зиёд инноватор ёшлар иштирок этмоқда.
Мазкур технологик ривожланиш марафони олий таълим муассасаларидаги илмга чанқоқ, иқтидорли ёшларнинг инновация, стартап, технология, дастурлаш борасидаги билимини ошириш, лойиҳалар яратиш ҳамда тижоратлаштириш кўникмаларини шакллантиришга йўналтиришда катта аҳамият касб этади. Марафон дастурий таъминот ва технологик ечим йўналишлари бўйича илмий ҳамда инновацион ғоялар, лойиҳалар, шунингдек, ташаббуслари бор 30 ёшгача бўлган минглаб истиқболли ҳамда инноватор ёшларни бирлаштира олган йирик лойиҳалардан ҳисобланади.
Айни пайтда иштирокчилар тегишли йўналишлар кесимида ўзининг инновацион ҳамда дастурий лойиҳалари тақдимотини ўтказмоқда. Шунингдек, марафон доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилаётир.
11 октябрга қадар давом этадиган тадбирда иштирокчилар “3D моделлаштириш”, “DroneRacing” йўналишларида онлайн ҳамда амалий тарзда инновацион ғоялар яратиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА