Бугун Тошкентдаги “Renessans Hall” мажмуасида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусида экспертлар муҳокамаси бўлиб ўтмоқда.
Давлат органлари масъуллари, халқаро экспертлар ва ҳуқуқшунослар, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида сайловларнинг аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларнинг амалдаги самарадорлиги муҳокама марказида бўлди. “Инсон қадри учун” деган тамойилга асосланган ҳуқуқий ислоҳотларнинг моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш масалалари кўриб чиқилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил қатъий қилиб белгилангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилгани, инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги мустаҳкамлангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгилангани ҳамда уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ ҳамоҳанглиги қайд этилди.
Айни пайтда мавзу юзасидан муҳокамалар сессия иши тарзида давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 300 дан ортиқ хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 50 дан зиёд конференция, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар ташкил этилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА