14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Президентимиз Туркманистон етакчисини шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллик юбилейига бағишланган халқаро форум муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади ҳамда Ашхобод шаҳрида кўрсатилган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

Яқиндаги учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиқиб Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.