Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 10-11 октябрь кунлари амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 11 октябрь куни туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган «Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси» мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар бошлиқлари ҳам қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида форумнинг ўтказилиши халқларимиз ўртасидаги биродарлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, мамлакатларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, бой маънавий меросимизни бутун дунёга тарғиб қилиш йўлида улкан амалий қадам бўлишини таъкидлади.

Махтумқули Фироғийнинг ижодий мероси нафақат Шарқ мумтоз шеъриятини, балки жаҳон адабиётини ҳам бойитганлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда Махтумқули ижоди юксак қадрланади. Шоир Хива шаҳридаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиб, дунёвий ва диний илмларни ўрганган. У буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийни чуқур ҳурмат қилган.

Жорий йилда Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланаётгани таъкидланди. Анжуман, семинар, адабий кеча, танлов, спектакллар ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан шоир ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм суратга олинди.

Ўзбекистон етакчиси Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» доирасида келгуси йили Ашхобод шаҳрида глобал саммит ўтказилишини қўллаб-қувватлади.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентига мазмунли нутқ ҳамда Махтумқули Фироғий хотирасини абадийлаштириш борасида юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдирди.

Тадбир ниҳоясида форумнинг якуний ҳужжати қабул қилинди.

Шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий юбилейига бағишланган халқаро форум якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов давлатимиз раҳбарига «Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги» эсдалик медалини тантанали равишда топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрига ташрифи доирасида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форум юксак даражада ўтказилгани билан самимий муборакбод этди.

Суҳбатда Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, айниқса сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро товар айирбошлаш жадал ўсаётгани, биргаликда чегараолди савдо ҳудуди барпо этилаётгани, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик кучайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Фаол ҳудудларлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинув доирасидаги тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Бўлажак олий даражадаги мулоқотлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Туркман халқининг миллий етакчисига Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган танланган асарлари тўпламини совға қилди.

Халқаро форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан ҳам учрашди.

Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Турли даражалардаги фаол алоқалар ва самарали алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда.

Давлат раҳбарлари кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва тезкор амалга ошириш, Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Эрон етакчилари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди.

Аэропортда давлатимиз раҳбарини Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйди.

ЎзА