“Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Фан олимпиадалари маркази (Марказ) ташкил этилади.
Қобилиятли ҳамда фанларни чуқур ўрганишга қизиқадиган ёшларни аниқлаш ва селекция қилиш, улардаги иқтидорни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш Марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.
2025 йилдан Марказ томонидан:
— 5–8-синф ўқувчилари ўртасида олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилади ва уларни халқаро олимпиадаларга мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади;
— ҳар бир фан йўналиши бўйича ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсиялар, қўлланмалар ва журналлар яратилиб борилади;
— ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрловчи тренер-ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланиши учун зарур шароитлар яратилади, уларга янги методикалар ўргатиб борилади;
— фан олимпиадалари бўйича миллий терма жамоаларнинг хорижий давлатлар терма жамоалари билан қўшма йиғинлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
— ўқувчилар учун халқаро олимпиадаларда руҳий босимни енгиш бўйича семинарлар ҳамда мотивацион тренинглар ташкил қилинади;
— иқтидорли ёшлар учун “интеллектуал оромгоҳлар” ташкил этилади.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан:
— нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган терма жамоалар раҳбарларини жамоанинг натижасига қараб рағбатлантириш тартиби жорий этилади;
— асосий фан олимпиадаларининг ҳудудий ва республика босқичларида ҳамда халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоалар раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади.
2025 йил 1 декабргача:
— халқаро ва маҳаллий фан олимпиадалари натижаларининг доимий статистикасини юритиш, онлайн фан олимпиадаларини ташкил қилиш ва ўтказиш ҳамда олимпиадалар иштирокчиларининг маълумотлар базасини шакллантириш имконини берувчи электрон платформа яратилади;
— Ўзбекистонда ўтказиладиган буюк алломалар номи билан аталадиган халқаро фан олимпиадалари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштириладиган, маҳаллий ва хорижий ўқувчиларнинг ушбу олимпиадаларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишларини таъминлайдиган махсус сайт ишга туширилади.
ЎзА