Париж шаҳридаги мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистоннинг бўлажак парламенти сайловларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Франция парламенти, экспертлар, академик доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган мазкур халқаро тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

Ушбу давра суҳбати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Францияга ташрифи доирасида ташкил этилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.

Мулоқот жараёнида 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти франциялик ҳамкорлар эътиборига ҳавола қилинди. Шунингдек, иштирокчиларга “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланган “Uzbekistan’s Political Reforms and Elections – 2024” рисоласи тақдим этилиб, хорижлик экспертлар мамлакатимизда амалга оширилган сўнгги ислоҳотлар, уларнинг кўлами ҳамда сайлов жараёнлари билан боғлиқ янгиликлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари ўз чиқишларида мамлакатимизда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар, сайловолди ташвиқоти доирасида амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида сўзлаб беришди.

Хусусан, бўлажак парламент сайлови Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси асосида ва сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришларга мувофиқ ўтказилаётгани таъкидланди.

Франция вакиллари ўз навбатида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, кўп қиррали ўзбек-француз ҳамкорлигининг турли жиҳатларига тўхталиб, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Улар томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш борасида эришилаётган натижалар алоҳида эътироф этилди.

Якунда франциялик депутатлар парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун Ўзбекистонга бўлажак сафарга катта иштиёқ билан ҳозирлик кўраётганликларини таъкидлаб, мамлакатимиз сайлов жараёнидаги янгиликлар билан яна бир бор танишиш имконияти учун миннатдорлик билдирдилар.

А.РУСТАМОВ, ЎзА