Қозоғистоннинг Остона шаҳрида стол тенниси бўйича 26 та давлатнинг 200 нафардан зиёд маҳоратли кичик ракетка усталари иштирокида катталар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Йигирма еттинчи бор ўтаётган чемпионатда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари жамоавий беллашувларда куч синашди. Эркаклар терма жамоамиз гуруҳ босқичида Таиландга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўмон терма жамоаси билан кечган ўйинда ҳамюртларимиз худди шу ҳисобда ғалабага эришди.
Гуруҳ босқичида иккинчи ўринни қўлга киритган йигитларимиз 13-18-ўринлар учун Иорданияга қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси гуруҳ босқичида дастлаб Қирғизистонни 3:0, кейин Мальдив оролларини 3:1 ҳисобида енгди. Хитой Тайпейига қарши ўйинда вакилларимиз 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Энди теннисчи қизларимиз 11-14-ўринлар учун Қозоғистон билан куч синашади.
Чемпионат 13 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА