Тожикистон пойтахти Душанбеда дзюдо бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида жамоалар ўртасидаги мусобақалар Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли кечди.

Мусобақалар аралаш жамоавий тарзда ташкил этилди. Ўғил болалар -73, -90, +90 килограммда, қизлар -57, -70 ва +70 кило оғирликда беллашди. Дунёнинг энг кучли 15 та жамоаси иштирокидаги муросасиз беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари аввалига Хитойни 4:2 ҳисобида таслим этди. Чорак финалда Япония терма жамоасига 0:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Бронза медали йўлидаги ўтиш баҳсида ҳамюртларимиз Туркия терма жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди.

Бронза медали учун кечган баҳсда эса ёшларимиз Озарбайжонни 4:2 ҳисобида доғда қолдирган тарзда бронза медалига мушарраф бўлди. Иккинчи бронза медалини эса Жанубий Корея жамоаси қўлга киритди.

Жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Францияни мағлубиятга учратган Япония ёш дзюдочиларига олтин медаллар насиб қилди.

Жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган терма жамоамиз аъзолари бугун юртимизга қайтиб келади.

Т.Рўзиев,

ЎзА