Жорий йилнинг 10 октябрь куни Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг учинчи тур учрашувлари бўлиб ўтади. Мазкур тур олдидан “A”, “B” ва “C” гуруҳларидаги вазият ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Даставвал Ўзбекистон терма жамоаси жой олган “A” гуруҳидаги вазият ҳақида тўхталиб ўтамиз. Айни дамда ушбу гуруҳда Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари 6 очко жамғарган ҳолда гуруҳнинг биринчи ва иккинчи ўринларидан жой олган бўлса, БАА 3 очко билан учинчи поғонада бормоқда. КХДР ва Қатар термалари 1 очкодан жамғариб, 4-5-ўринга жойлашган. Қирғизистон терма жамоаси икки мағлубият эвазига сўнгги поғонада қолмоқда.

10 октябрь куни “А” гуруҳининг 3-турида Ўзбекистон – Эрон, Қатар – Қирғизистон, БАА – КХДР терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Шу ўринда, 3-турдаги рақибимиз Эрон термаси билан ўтказилган ўйинлар тарихига қисқача назар ташлаб ўтишни лозим кўрдик. Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари жами 14 маротаба тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг фақатгина биттасида ғалаба қозонганмиз. 3 дуранг қайд этилган бўлса, бошқа учрашувларда имкониятни бой бериб қўйганмиз.

2026 йилги Жаҳон чемпионати Осиё қитъаси учун ўтган саралаш баҳслари иккинчи босқичида 2 та учрашувда терма жамоамиз Эрон билан дуранг натижа қайд этди. Ўйин борасида ҳам футболчиларимиз анча устунликка эга бўлди.

Умид қиламизки, 10 октябрь куни соат 19:00да «Бунёдкор» стадионида ўтадиган Ўзбекистон ва Эрон баҳсида футболчиларимиз узоқ кутилган ғалабага эришади ва гуруҳда яққол пешқадамга айланади.

“B” гуруҳида ўтган икки тур натижасига кўра, Иордания, Жанубий Корея ва Ироқ 4 очко жамғарган ҳолда кучли учликка жойлашди. Икки турда дуранг ўйнаган Қувайт 4, Фаластин эса 1 очко билан 5-поғонадан ўрин олди. Ўмон эса ҳали бирорта ҳам очко тўплай олмади.

Ушбу гуруҳдаги учинчи тур доирасида Иордания – Жанубий Корея, Ўмон – Қувайт, Ироқ – Фаластин терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Мазкур учрашувлар натижасидан сўнг бу гуруҳда ҳам пешқадамлар сараланади.

“C” гуруҳида Япония терма жамоаси 6 очко билан гуруҳда карвонбошилик қилаётган бўлса, Саудия Арабистони 4 очко билан унинг ортидан бормоқда. Баҳрайн термаси 3 очко билан учинчи ўринга жойлашди. Индонезия 2 очко жамғариб, 4-поғонани эгаллади. Австралия ҳисобида бир очко мавжуд ва ушбу жамоа 5-ўриндан жой олган. Хитой терма жамоасида очко йўқ.

Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 3-турида бу гуруҳда Саудия Арабистони – Япония, Австралия – Хитой, Баҳрайн – Индонезия термалари ўзаро рақобатлашади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА