Мамлакатимиз мезбонлигида футзал бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида барча ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.

Пойтхатимиздаги “Ҳумо арена” спорт мажмуасида бўлиб ўтган чемпионатнинг сўнгги ҳал қилувчи финал ўйинида Бразилия — Аргентина терма жамоалари ўзаро рақобатлашди. Мазкур учрашувда Бразилия термаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги голларга Феррао, Рафа Сантос ва Матиас Роса муаллифлик қилди.

Шу тариқа, зафар қучган Бразилия терма жамоаси футзал бўйича 6 карра жаҳон чемпионига айланди. Финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Аргентина эса дунё биринчилигида иккинчи бўлди. Учинчи ўриндан эса Украина терма жамоаси жой олди.

Шунингдек, чемпионатнинг энг яхши тўпурари Марсел (Бразилия) дея эътироф этилди. Ушбу ўйинчи мусобақа давомида рақиблар дарвозасига 10 маротаба гол уришни уддалади. Энг яхши дарвозабон номинацияси бўйича Виллиан (Бразилия) ғолиб бўлди. Диего (Бразилия) мусобақанинг энг яхши футзалчисига айланди.

Дарвоқе, жаҳон чемпионатининг финал ўйинини 9 минг 29 томошабин кузатди.  Ўзбекистон расмийлари ҳамда ФИФА президенти Жанни Инфантино, Бразилия футбол конфедерацияси президенти, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид ва  футзал бўйича 2 карра жаҳон чемпиони Хави Родригес каби мартабали меҳмонлар дунё биринчилигининг сўнгги учрашувига ташриф буюрди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА