Пойтахтимизда “Тошкент – 2025” ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинлари I мувофиқлаштириш комиссиясининг йиғилиши бошланди.

Унда Осиё паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид бошчилигидаги расмий делегация вакиллари мазкур комплекс мусобақалар олдидан кўрилаётган умумий тайёргарлик, ташкилий ишлар бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов,  Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов,  Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ва бошқалар иштирок этди.

Йиғилишда “Тошкент-2025” дирекцияси ходимлари қитъанинг мазкур нуфузли мусобақасига тайёргарлик юзасидан тақдимотни намойиш этди. Шунингдек, комплекс мусобақага олиб борилаётган катта ҳажмдаги ҳозирлик, ўйинлар дастурига киритиладиган спорт турлари ва улар ўтказиладиган объектлар, делегацияларнинг тахминий сони, транспорт-логистика масаласи, антидопинг, виза, авиақатновлар ва шу каби ташкилий мавзулар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Спорт вазири Адҳам Икромов,  Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Осиё паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид ва бошқалар “Тошкент – 2025” ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинлари I мувофиқлаштириш комиссиясининг йиғилишида кўриб чиқиладиган масалалар борасида атрофлича маълумот берди.

“Тошкент – 2025” ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинлари I мувофиқлаштириш комиссиясининг йиғилиши давомида Мажид Рашид бошчилигидаги делегация аъзолари 6 октябрь куни пойтахтимизда барпо этилаётган Паралимпия шаҳарчасида бўлиб, қурилиш ишларининг бориши ва унинг бугунги ҳолатини ўрганади.

Шунингдек, 7 октябрь куни Спорт вазирлигида вазир Адҳам Икромов, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид ҳамда Миллий паралимпия қўмитаси раҳбарияти иштирокида “Тошкент-2025” ёшлар Параосиё ўйинларига тайёргарлик мавзусига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА