Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ОИИБ Бошқарувчилар кенгаши тўққизинчи йиғилиши доирасида Ҳиндистон Республикаси молия ва корпоратив ишлар вазири Нирмала Ситхараман бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Мулоқот давомида Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш ҳамда олий даражадаги келишувларга мувофиқ, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Шу йил ноябрда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда ўтказиш ҳамда мазкур тадбир доирасида Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант учрашув тафсилоти, биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида шундай деди:

– Ҳиндистон молия ва корпоратив ишлар вазири билан бирга ҳурматли Президент билан жуда самарали учрашув ўтказдик. Музокара турли соҳаларга дахлдор, ҳар икки томон учун манфаатли масалаларни қамраб олди. Жумладан, энергетика, нефть-кимё, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳаларида лойиҳалар амалга ошириш, транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия, сунъий интеллект, ёшларни бирлаштириш йўллари, ўзаро интеграция, инвестициявий ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Таъкидлашни истардимки, Ҳиндистоннинг жуда катта бизнес делегацияси мамлакатингизда бўлди. 27 сентябрь куни ташкил этилган бизнес форум ва икки томонлама савдо кўламини кенгайтириш мақсадида имзоланган кўплаб инвестиция битимлари рақам-кўрсаткичларни кескин оширишга хизмат қилади. Бу сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда жуда муҳим ҳисобланади.
Умуман, учрашув самарали кечди. Масалан, Президент шерикликни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Стратегик шериклигимизни янада ривожлантириш, яъни савдо, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Иккала томон ҳам ўзаро тажриба алмашган ҳолда, ҳамкорликни янада жадаллаштириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан якдил қарорга келди.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА