Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан кино соҳаси вакиллари, режиссёрлар, сценарийнавислар учун “Махсус тарих” ўқув курслари ташкил этилди.
Кейинги йилларда тарихимизни тиклаш, уни холис ва ҳаққоний ўрганиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Буларнинг натижасида Ватанимиз тарихига оид янгича ёндашувдаги бадиий фильмлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 июндаги “Кинематография соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз тарихига бағишланган фильмлар туркумини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра «Тирик тарих» фильмлар туркумини яратиш дастури ишлаб чиқилиб, бугунги кунда унинг доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу дастурнинг вазифаси халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти, азалий қадрият ва анъаналари, орзу-интилишларини чуқур илмий асосларга таяниб, тўлақонли акс эттириш, озодлиги ва равнақи йўлида курашган буюк саркарда ва давлат арбобларининг ҳаёти ва давлатчилик фаолиятини холис, ҳаққоний кўрсатиб бериш, тарихимизда ёрқин из қолдирган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, аллома ва мутафаккирлар, шоир ва адиблар, маърифатпарвар жадид боболаримиз, атоқли санъаткорларнинг илмий-ижодий мероси, уларнинг умумбашарий тамаддун ривожига қўшган ҳиссасини юксак ғоявий-бадиий савияда намойиш этишдан иборат.
Лойиҳа доирасида ташкил этилган “Махсус тарих” ўқув курслари давомида мамлакатимизнинг етакчи олимлари томонидан тарихнинг шонли ва мураккаб саҳифалари, қизиқарли мавзуларга оид машғулотлар олиб борилди. Бундай ўқув машғулотлари тарихий ҳақиқатни томошабинга теран ва ҳаққоний етказиб беришга хизмат қилувчи кинофильмлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова, ЎзА