Самарқанд саммити экспертлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгаши IX йиллик йиғилишининг очилиш сессиясида иштирок этди.

Саммитнинг асосий мавзуси – “Барча учун барқарор инфратузилма яратиш”. Кун тартибидан глобал иқтисодиёт ва молия соҳаларидаги долзарб масалалар, Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларида инфратузилмани ривожлантиришнинг стратегик дастурлари ва режаларини муҳокама қилиш ўрин олган эди.

Давлатимиз раҳбари анжуман доирасида хорижий делегациялар ва йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ҳам ўтказди. Қайд этиш жоиз, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг Самарқанд саммити – Янги Ўзбекистон муҳим глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш, уларга самарали ечимлар топиш учун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётганининг ёрқин намунаси, дея эътироф этилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари Қатар Давлати молия вазири Али бин Аҳмад ал-Қуварий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Мулоқотда икки томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. “Яшил” энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, туризм, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Йил якунига қадар Доҳа шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қўшма бизнес форуми ўтказилиши қайд этилди. Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Али бин Аҳмад ал-Қуварий, Қатар Давлати молия вазири:

– Мен Ўзбекистонда, боқий шаҳарда бўлиб турганимдан бениҳоя хурсандман. Йиғилиш доирасида кўплаб масалалар юзасидан муҳокамалар олиб борилмоқда. Мамлакатингизда мавжуд чет эл банклари учун имкониятлардан тортиб, тизимга дахлдор бошқа масалалар бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон доимгидек йирик тадбирни ўтказиш учун бежиз танланмагани ўз тасдиғини топди.

Бугунги кунда мамлакатингиз халқаро миқёсда деярли кўплаб соҳаларда ўз ўрнига эга бўлиб боряпти. Таъкидлаш керакки, Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳам сўнгги йилларда ҳар қачонгидан юқори босқичга кўтарилган.

Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш имкониятига эга бўлдим ва бу мен учун катта шараф. Мулоқот давомида бир қатор инвестицион лойиҳалар бўйича сўз юритилди. Давлат раҳбари томонидан мамлакат ривожи учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар бошқа давлат етакчиларига ҳам катта ишонч ва иштиёқ бераётганини алоҳида эътироф этишни истардим. Сўнгги йиллардаги изчил ислоҳотлар аллақачон ўз самарасини бераётганини бугунги улкан ўзгаришлар, бу каби нуфузли форумлардан билиб олиш мушкул эмас.

Ўзбекистон Президенти Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этаётган “Franklin Templeton” компанияси бош инвестиция директори Манраж Секхонни ҳам қабул қилди.

Маълумот ўрнида: “Franklin Templeton” активларни бошқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади, 30 мамлакатда юздан зиёд офиси мавжуд. Суҳбатда Ўзбекистон Миллий инвестиция фондини ривожлантириш, стратегик давлат корхоналарини трансформация қилиш ва уларнинг акцияларини фонд бозорларига жойлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Манраж Секхон, “Franklin Templeton” компанияси бош инвестиция директори: 

– Президент жаноби олийлари билан аъло даражадаги учрашув ўтказдик. Биз Ўзбекистонда давлат раҳбари амалга ошираётган ислоҳотлар, Миллий инвестиция жамғармасини ташкил этиш режалари, давлат корхоналари фаолиятини ривожлантириш борасида суҳбатлашдик.

Бугунги кунда мамлакатингизда турли соҳаларда ўз фаолиятимизни олиб боряпмиз. Жумладан,  давлат корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг халқаро биржаларда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашяпмиз.

Президентнинг қарашлари ва сиёсий иродаси, олиб бораётган ислоҳотлари жараёни, давлатнинг келгуси тараққиёт стратегияси бизни жуда ҳайратлантирди. Фикримча, ушбу чора-тадбирларнинг барчаси Ўзбекистон равнақи учун жуда муҳим ҳисобланади. Келгусида ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун жуда яхши имконият ва салоҳият мавжуд.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА