Хитойнинг Харбин шаҳрида 2025 йилнинг 7-14 февраль кунлари IX қишки Осиё ўйинлари ташкил этилиши муносабати билан жорий йилнинг 23-25 сентябрь кунлари қитъа спорт делегациялари учун ташкил этилган семинарда Осиё мамлакатлари қатори Ўзбекистон спортчиларига ҳам чорлов йўлланди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари иштирок этган анжуманда «Харбин-2025» ўйинлари ташкилий қўмитаси ўтадиган мусобақалар, тадбирлар хусусида кенг қамровли маълумот тақдим этди.

Хитой томони IX қишки Осиё ўйинларининг муз устида кечадиган спорт турларидаги мусобақалар Харбинда, очиқ ҳаводаги беллашувлар Ябули шаҳрида ўтказилишини айтиб ўтди.

Семинар давомида делегация аъзолари «Харбин-2025» ўйинларининг иншоотлари, спорт жамоалари яшайдиган меҳмонхоналарда яратилган шароитлар билан танишди.

Ўйинлар давомида турли кўнгилочар дастурлар ташкил этилиши, Харбинда уюштириладиган муз ҳайкаллар фестивали IX қишки Осиё ўйинларининг ташриф қоғозига айланиши билдирилди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Т.Рўзиев, ЎзА