Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.

– Биз келгуси йилларда яна 18 гигаватт қуёш ва шамол, 3 гигаватт гидро электр станциялари, 5 гигаватт энергия жамлаш сиғимлари ҳамда 5 миллиард долларлик электр тармоқларини ишга туширамиз. Мазкур лойиҳалар орқали йирик “яшил” маълумотлар марказларини ҳам яратмоқчимиз. Бу – барча халқаро молия ташкилотлари учун ҳам жозибадор лойиҳа бўлади, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан йилига 100 миллион долларлик “яшил” сертификатлар бозори шаклланиб, бу халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши бўлишига ишонаман. Қўшни мамлакатлар ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта лойиҳаларни бошлаганини қайд этиш лозим. Келгуси йилларда қайта тикланувчи энергия ресурсларига бой Марказий Осиё жаҳон энергетика бозорларига “яшил” энергия етказиб берадиган йирик экспортчига айланиши учун катта қадамлар ташлаяпмиз. Бу борада Транскаспий электр тармоғини барпо этиш лойиҳаси катта салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошчилигида Марказий Осиёда “яшил” энергияни ривожлантириш дастурини амалга оширишни таклиф қилди.

ЎзА